Кечиримлилик – юксак фазилатларнинг амалдаги ифодаси

Dec 16 2017
(0) Comments

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармони халқимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик ва бағрикенглик каби юксак фазилатларнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Фармонга мувофиқ, жойларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда маҳкумлар билан якка тартибда суҳбат ўтказди. Бу жараёнда маҳкум содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, жиноят туфайли етказилган зарар қопланганига алоҳида аҳамият берилди. Ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ҳамда енгиллаштирувчи бошқа омилларга эътибор қаратилди. Жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ўрганилди.

Тошкент вилоятида ҳам шу асосда яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасидан ижобий тавсиф берилган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тўғри йўлга қайтган шахсларга оиласи бағрига қайтиши учун қулай имконият берилди. Жамиятимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши учун кенг шароит яратилди.

Бекобод шаҳрида яшовчи Нигорахон Шерифова ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилиб, жазони ижрони этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган эди. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармони асосида у ҳам афв этилиб, оиласи даврасига қайтди. Бугун унинг уйида ўзига хос байрамга айланди десак муболаға бўлмайди. Айниқса, қизчасидан бахтли инсон бўлмаса керак.

Албатта, жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг жам бўлиши, айниқса, оила боқувчиси, тарбиячиси бўлган ота-онанинг уйга қайтиши жуда чуқур маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, мазкур фармон айни вақтда оиланинг давлат муҳофазасида бўлишига ҳам хизмат қилади.

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник О.Ч.Саидов, Бекобод шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Э.О.Султонов ва Бекобод шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ушбу хонадонга ташриф буюришиб, оила аъзоларининг қувончига шерик бўлишди.

Оила бошлиғи Марат Шерифовни Бекобод шаҳар марказий шифохонасига техник ходим сифатида иш билан таъминлан, оиланинг жажжи қизалоғи 11-сонли мактабгача таълим муассасасига қабул қилиниши хурсандчиликка яна хурсандчилик қўшди.

Президентимизнинг фармони Конституция куни арафасида қабул қилинганида ҳам ўзига хос маъно мавжуд. Конституция тимсолида, афв этилган шахс ҳаётида ва фаолиятида қонунга нисбатан ҳурмат, эҳтиром, қонунга итоаткорлик руҳини шакллантириш мужассам. Ишонамиз, кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади.

Related Posts