Ногиронлиги бўлган шахсларга фуқаролик паспортлари топширилди

Feb 15 2018
(0) Comments

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти – бу мамлакатимиз ҳудудида ва ташқарисида унинг эгасининг фуқаролиги ва шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Ҳар бир инсон учун бундай паспортга эга бўлиш ва мустақил Ватанининг фуқароси ҳисобланиш катта шарафдир. Ушбу ҳужжат фуқаронинг ўз мамлакати, халқи тақдирига дахлдорлигининг рамзий ифодаси бўлиб, у давлат ҳимоясида эканини кафолатлайди ва зиммасига Ўзбекистон Республикаси фуқароси деган юксак номга муносиб бўлишдек улкан масъулият юклайди.

Тошкент вилоятининг барча шаҳар-туманларида ногиронлиги бўлган шахсларга фуқаролик паспортлари топширилмоқда.

Жумладан, Зангиота туманида Сортепа маҳалласида яшовчи, ногиронлиги бўлган фуқаро Жангиш Ашурова хонадонига туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими раҳбарлари ташриф буюриб, фуқаролик паспортини топширишди.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Абдураҳмон Ортиқбоев ҳам ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатида туради. Тошкент вилояти Ичка ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан фуқаролик паспорти учун зарур бўлган суратга олиш ва бармоқ изларини олишга мўлжалланган мобиль қурилма воситаси орқали бошқалар қатори унинг уйига ички ишлар бўлими ходимлари келиб, суратга олишиб, бармоқ излари олинган эди. Бугун тайёр бўлган фуқаролик паспортини қўлига топширишди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқаролар Муборак Юнусова, Мавжуда Хасанова ва Жамолиддин Хасановларга ҳам фуқаролик паспортлари ўз уйларида топширилиб, мутасаддилар томонидан алоҳида совға-саломлар тақдим этилди.

Албатта, ушбу тадбирларнинг туб заминида аҳолининг ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга қулайликлар яратишга қаратилган.