БОШ ҚОМУС – ҲАЁТИМИЗ МЕЗОНИ

Dec 05 2018
(0) Comments

Мустақил Ўзбекистон Республикаси ўз Конституциясини қабул қилар экан, унинг муқаддимасидаёқ Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуқларига содиқ қолиш, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаш, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатни намоён қилиш, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаш, фуқароларнинг тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашни мақсад қилиб олиш каби масъулиятларни зиммасига олганлигини эътироф этади.

Конституциямиз давлатимиз мустақиллигининг улкан рамзи бўлиб, унда истиқлол ва тараққиёт йўлимиз акс этади. У халқ хоҳиш иродасини ифода этувчи адолатли давлат, очиқ жамият ва эркин ҳаёт қуриш истиқболларини  белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган байрам тантаналари республикамизнинг барча гўшаларида ўтказиб келинмоқда. Мана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтди.

Тадбирни очган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг 1-ўринбосари генерал-майор Д.О.Назармуҳаммедов йиғилганларни байрам билан қутлаб, йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати Ички ишлар Вазирлиги раҳбариятининг табрикларини етказди.

Ўтган давр мобайнида Конституциямиз мамлакатимиз, халқимиз ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солаётган миллий ҳуқуқий тизимимизнинг асосий манбаи бўлиб хизмат  қилганлигини, мустақиллик йилларида ҳаётнинг барча жабҳаларида – юртимиз тинчлиги, ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида қарор топтириш борасида қандай улкан муваффақиятларга эришган бўлсак, барчасининг замирида конституциямизда кафолатланган ҳуқуқлар, ғоялар, принциплар мужассамлигини таъкидлади.

Шунингдек, сўзга чиққан Ички ишлар Вазирининг маслаҳатчиси генерал-полковник З.А.Алматов ва Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи полковник Т.Т.Ариповлар ҳам Конституциямизнинг халқимиз ҳаётида тутган муҳим ўрни ҳақида сўз юритиб, Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар тизими фаолияти самадорлигини ошириш, уни замонавий босқичга кўтаришга қаратилган амалий ишлар рўёбга чиқарилаётганини таъкидлаб ўтдилар.

Шуни қайд этиш лозимки, сўнгги вақтларда ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли ҳамда ўзини ўзи бошқариш идоралари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди. Пайшанба – профилактика куни сифатида белгилангани бу ҳамкорликни янги босқичга кўтариб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ижобий самара бераётир.

Эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган кўплаб ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона хизмати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.

Тантанали тадбир Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Тошкент вилояти ҳудудида фуқароларнинг осойишталиги ва тинчлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш, содир этилган жиноятларни фош этишда ўз хизмат вазифаларига виждонан ва сидқидилдан ёндошганликлари учун мукофотланган ходимларни тақдирлаш ҳамда ходимларга навбатдаги махсус унвонларини топшириш маросимларига уланиб кетди. Уларга вилоят ИИБ номидан эсдалик совғалари топширилди.

Ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ва навбатчилик қисмларига замонавий “Нексия” ҳамда “Дамас” автомобиллари калитлари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, халқ ардоғидаги санъаткорлар ва ёш хонандаларнинг чиқишлари иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.