Бекобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими замонавий техника воситалари билан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди

Dec 14 2018
(0) Comments

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрель куни «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарор асосида Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Тергов йўналишларда фаолият юритаётган ходимлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, соҳа вакилларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, ҳудудий тергов бўлим ва бўлинмалари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, замонавий техника ва телекоммуникация воситалари билан таъминланмоқда.

Жумладан, яқинда Бекобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими ҳам замонавий воситалар билан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу бинода тергов йўналишида ходимлар учун хизмат хоналари, махсус тергов хонаси ва оператор хоналаридан иборат мажмуа ишга туширилди. Мажмуа тергов жараёнини стенография қилиш, видеоназорат, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео шаклда ёзиб олиш усукуналари билан жиҳозланган электрон дастур асосида ишлайди.

Хоналарни ташкил этишда илғор хорижий тажрибадан, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланилди. Шунингдек, сўроқ қилиш, юзлаштириш, шахсни таниб олиш, тергов ҳаракатларини олиб бориш, далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлаш талаблари ҳисобга олинди.

Таъкидлаш жоизки, бундай махсус хоналарнинг ташкил этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини судга қадар иш юритувда ҳимоя қилишни кучайтиради, оғир ва ўта оғир жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш самарадорлигини оширади. Энг муҳими, содир этилган жиноятнинг гувоҳи ёки жабрланувчиси бўлган вояга етмаганларга гумон қилинувчи ёки айб­ланувчини таниб олиш учун кўрсатиш, улар ўртасида юзлаштириш тергов ҳаракатларини мазкур хонада масофадан туриб ўтказилиши натижасида вояга етмаганларнинг руҳиятига кучли таъсир этиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олди олинади.

Бу каби тергов йўналишида амалга оширилаётган янгиликлар орқали инсон ҳуқуқлари, хусусан, тергов-суриштирув жараёнларида жабрланувчи, гумондор, гувоҳларнинг фуқаролик ҳақ-ҳуқуқлари дахлсизлиги, жараённинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хоналарга ўрнатилган кузатув камералари орқали тергов жараёни ёзиб борилади.

Бу тизимнинг жорий этилиши тергов қилинаётган шахсга психологик ва жисмоний тазйиқ ўтказиш, шунингдек, бошқа ғайриинсоний ва ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этади. Барча тергов бўлими ходимлари компьютер ва бошқа ахборот технологиялари билан тўлиқ таъминланган. Бу терговчиларга бир-бири билан ўзаро ахборот алмашиш, маслаҳатлашиш имконини беради.

Келгусида бундай амалиёт вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом эттирилиб, тергов бўлим ва бўлинмалари тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Барча ҳудудларда замонавий техника ва коммуникация технологиялари жорий этилган ҳолда, моддий-техник базаси мустаҳкамланиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.