Пиротехника воситаларидан фойдаланиш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида профилактика тадбирлари ўтказилмоқда

Dec 25 2018
(0) Comments

Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш мақсадида, Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ходимлар томонидан пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан корхона, ташкилот, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда, маҳалла гузарларида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Лекин шунга қарамай, ҳамон айрим фуқароларнинг мамлакатимизга ноқонуний равишда пиротехника воситаларини олиб кириш, сотиш ва тарқатиш билан шуғулланаётгани, ушбу воситалардан фойдаланиш оқибатида эса вояга етмаганларнинг соғлиги ва ҳаётига хавф юзага келиши ачинарлидир.

Пиротехника воситаларидан фойдаланиш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг турли соҳавий хизмат ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳи томонидан Юқоричирчиқ туманида жойлашган 7-сонли умутаълим мактабида ўтказилган тарғибот тадбирларида ҳаётий мисоллар орқали пиротехника воситаларининг салбий оқибатлари тушунтириб ўтилди.

Бозорлар ҳудудида рейдлар ташкиллаштирилиб, ноқонуний равишда пиротехника маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган шахслар аниқланди. Ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.