Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика тадбирларининг ўрни муҳим

Dec 25 2018
(0) Comments

Фуқаролар осойишталигини таъминлаш, маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни ташкил этишда профилактика тадбирлари муҳим аҳамият касб этади.

Тошкент вилоятининг шаҳар-туманларида 2018 йилнинг 25 ноябрь кунидан 25 декабрь кунига қадар ўтказилган “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятдан ҳоли ҳудуд” ойлиги давомида ички ишлар органларининг тунги гуруҳга жалб этилган ходимлари, Миллий гвардия, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг “Жасорат” клуби, маҳалла посбонлари ҳамда бошқа жамоатчилик вакиллари иштирокида тунги гуруҳлар ташкил этилиб, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан маҳаллалар, кўчаларда патрул йўналишларида ишлар ташкиллаштирилди.

Йўриқномаларда тунги гуруҳларга бириктирилган ҳар бир ходим, жамоатчилик асосида бириктирилган фуқароларга ҳудуд учун масъул эканлиги тушунтирилиб, ҳар бир йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар белгилаб берилди.

Тунги гуруҳлар томонидан ҳудудларда фаолият юритаётган дўконлар, тиббиёт муассасаларининг қўриқланиш ҳолати ўрганилди.

Хонадонлардан ўғирликлар содир этилишини олдини олиш, фуқароларнинг ўзларига тегишли бўлган мол-мулкларини қаровсиз қолдирмаслик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол иштирок этиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда жамоатчиликнинг ўрни муҳим. Ўз навбатида фуқаролар ҳамда маҳалла посбонлари томонидан “Жамоатчилик назорат масканлари”да тунги навбатчиликлар ташкил этилди.

Тадбир ўтказилаётган маҳаллалар ҳудудида патруль йўналишлари йўлга қўйилиб, жамоат тартибини сақлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Фаровонликнинг яна бир муҳим кўрсаткичи – бу аҳоли хавфсизлигининг таъминланиши, ҳар бир хонадонда тинчлик, хотиржамлик бўлишидир.

Ички ишлар органлари таянч пунктларида тунги вақтларда ҳам иш қизғин давом этади.

Кимдир оилавий келишмовчилик юзасидан шикоят билан келган бўлса, яна бири бошқа бир масалада профилактика инспекторига мурожаат этиб келган.

Ушбу мурожаатларга қонуний ечим топиш учун ҳам ўзига хос билим, кўникма ҳамда соҳада орттирилган тажриба муҳим аҳамият касб этади.

Профилактик ҳисобга ҳамда маъмурий назоратга олинган шахслар билан суҳбатлар ўтказиш ва уларни доимий назорат қилиб бориш профилактика инспекторининг асосий хизмат вазифаларидан саналади.

Тунги гуруҳлар томонидан маъмурий назорат таъсири остига олинган шахсларнинг яшаш манзилига борилиб, тегишли профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бугунги кунда – ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифаларидан бири саналади.

Чирчиқ шаҳрида ўтказилган тунги тадбирлар давомида айрим ҳайдовчилар томонидан светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланишни давом эттириб кетиш ҳолатлари кузатилди.

Бир муддатга эртароқ манзилга етиб олиш учун ҳайдовчилар белгиланган йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, ўзининг ҳамда бошқаларнинг ҳаётига хавф солаётганлигини англаб етмаяпти.

Юқоридаги йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги учун ушбу ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олишда ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг тунги текширувлар ўтказиб бориши муҳим ўрин тутади. Ушбу тадбирлар натижасида, эътиборсизлик оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиниб, фуқароларнинг ёнғинларга қарши курашиш малакаси ва кўникмаси ошириб борилади.

Корхона ва ташкилотларда ўтказилган тунги текширувлар мобайнида ходимларга ёнғинларни олдини олишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, шунингдек, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш қоидалари ҳақида ҳам тушунчалар бериб ўтилди.

Ҳар йили янги йил байрами олдидан аҳоли ўртасида пиротехника воситаларини мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, ушбу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш, савдоси билан шуғулланиш, у билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилади. Шунга қарамай, оқибати кўнгилсиз ва ҳатто аянчли якунни келтириб чиқариши мумкин бўлган бундай воситалар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар ҳали-ҳануз учраб турибди.

Жумладан, Чирчиқ шаҳри ҳудудида тунги хизматга жалб этилган патрул пост хизмати ходимлари хизмат олиб бораётган вақтларида ўзида шубҳа уйғотган икки шахс тўхтатилиб, профилактик тартибда холислар иштирокида ёнлари кўздан кечирилганда, ёнидаги сумкасида 10 қути, ҳар бир қутида 60 донадан жами 600 дона “Британик”  номли пиротехника воситаси борлиги аниқланди ва ҳужжатлаштириб олинди.