Ички ишлар органларида хизмат қилиб, мардларча ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандларига «Янги йил байрами» совғалари топширилди

Dec 29 2018
(0) Comments

Меҳр-мурувват, хайр-саховат каби эзгу фазилатлар халқимизнинг азалий қадриятлари сирасига киради, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чиндан ҳам муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, меҳр-мурувватга ташна инсонлар ҳолидан хабар олиш миллатимизнинг гўзал сифатларидан саналади.

Юртимизда қиш нафаси кезиб, «Янги йил байрами» тантаналари кенг нишонланаётган ушбу кунларда бундай хайрли тадбирларга ҳар қадамда гувоҳ бўлиш мумкин. Айниқса, байрам муносабати билан болажонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, қувончларига шерик бўлиш – уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан мана бир неча йилдирки, вилоят ички ишлар органларида хизмат қилиб, мардларча ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари учун меҳр-мурувват тадбирларини ўтказиб бориш хайрли анъанага айланган.

Ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар органлари ходимларининг бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан болажонларга атаб олиб келинган совға-саломлар ҳамда “Президент совғаси” ўз эгаларига топширилди.

Сўзга чиққан Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ҳамда Фахрийлар Кенгаши аъзолари болажонларга ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар.

Шунингдек, байрам туҳфаларини мамнуният билан қабул қилган болалар учун тайёрланган эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саҳна кўринишлари тадбир қатнашчиларига бирдай манзур бўлди.

Албатта, ушбу тадбирларнинг туб заминида меҳр ва эътиборга муҳтож ёш қалбларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби эзгу фазилатлар мужассамлиги шубҳасиз.