Икки авлод учрашуви

Dec 31 2018
(0) Comments

Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ мажлислар зали байрам арафасида ўзгача кайфиятга эга бўлди.

Сабаби, йиллар давомида узоқ ва самарали меҳнат қилиб, ўзининг ҳалоллиги ва фидойилиги билан ёш кадрларга ўрнак бўлиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хизмат олиб борган бир гуруҳ ходимлар тантанали равишда нафақага кузатилди.

Нафақага кузатиш маросимини кузатар эканмиз, кетаётган ходимлар ўзи йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келган касбидан узоқлаша олмаётганлиги, Ватан равнақи ва халқ осойишталиги йўлида умрининг охиригача хизматга тайёр эканликлари уларнинг сўзларидан сезилиб турарди.

Ўз ўрнида, уларнинг ўрнини ёш кадрлар билан тўлдириш мақсадида, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига қабул қилинган ёш ходимлар ҳам тадбирда иштирок этишди.

Бошқармаси раҳбарияти томонидан янгидан ишга қабул қилинган ходимларга ички ишлар органлари давлат хизматининг бир тури эканлиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиши, қонун устуворлиги, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаши, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби хизмат вазифалари ва мажбуриятларни бажариши тушунтирилиб, ички ишлар органлари тизимларини ислоҳ этиш ва юқори босқичга кўтариш юзасидан қабул қилинган ҳукумат қарорлари мазмун-моҳияти етказилди.