МУНОСИБЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

Mar 13 2019
(0) Comments

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бугун жамиятимизнинг барча жабҳаларида муносиб ютуқлар қўлга киритилмоқда.  Аҳолининг тинч, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ана шу саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятини ташкил этади.

Тинчлик, осойишталик аввало оиладан, маҳалладан бошланади. Шу маънода, юртимиздаги ҳар бир аҳоли яшаш жойларида ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари ва  бошқа жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Бир қарашда оддий туюлсада уларнинг зиммасига “ўз худудида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш каби шарафли вазифа топширилган. Инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли, айнан шу ер унинг учун Ватан ҳисобланади. Ватан тинчлигини таъминлаш эса юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг энг устувор мақсадларидан биридур.

Хукуматимиз томонидан жойларда Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишга алохида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига мувофиқ Республикамизнинг барча худудларида жамоат хавфсизлигини таъминлашни рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилган.

2019 йилнинг 11 март куни Тошкент вилоятида илк маротаба мазкур жамғарма ҳисобидан, ўзларига бириктирилган ҳудудда жиноятлар даражаси пасайган, уларни олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини ўз вақтида кўрган фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, профилактика инспекторлари ҳамда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг алоҳида ўрнак кўрсатган аъзоларидан бир гуруҳи моддий рағбатлантирилди.

Тадбирда Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят Прокурори ҳамда вилоят ҳокимлиги вакиллари иштирок этиб, ўз ҳудудларида самарали хизматлари билан эътироф этилган қатнашчиларни самимий табриклаб, пул мукофотлари билан тақдирладилар.

Тадбир кенг жамоатчилик иштирокида тантанали тарзда ўтказилди. Бу каби ижобий ишлар мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида амалга оширилаётган тизимли ва самарали чора-тадбирлар натижасидир.

 

Мазкур тадбир биринчи навбатда, ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш, содир этилганларини фош этишда фуқаролик позициясининг юксалтиришга замин яратади.

 

Эндиликда муносибларни рағбатлантириш ҳар ой якунлари бўйича амалга ошириб борилади.

Тошкент вилояти ИИБ Матбуот хизмати